Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.
Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади. Аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга ушбу Қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.
Била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи томонидан қилинган харажатлар жисмоний ёки юридик шахсдан суднинг қарорига кўра ундириб олиниши мумкин.
Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш — энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.